Яқин Шарқдаги биринчи космодром қурилади
Қурилиш ишлари жорий йилда амалга оширилиши айтилмоқда.

Ўмон султонлигининг Дуқм порт шаҳрида Яқин Шарқ минтақасидаги биринчи ракета парвозлари маркази барпо этилиши маълум бўлди. Ўмон матбуоти хабарига кўра, "Etlaq" космодроми қурилиши жорий йилда бошланади, дастлабки ракеталар парвози эса 2024 йилдаёқ амалга оширилади.
Миллий аэрокосмик хизматлар ширкати (NASCOM) амалга ошираётган лойиҳага мувофиқ, космодром тижорий, профессионал ва таълим мақсадларида хизмат кўрсатади.
Минтақадаги илк космодром учун Дуқм шаҳри танлангани бежиз эмас. Мазкур порт экваториал жойлашуви туфайли сайёрамиздаги ракета парвозлари учун мақбул саналган беш ҳудуддан бири саналади. "Etlaq" космодроми расмий сайтида ҳам лойиҳадан кўзланган мақсад Ўмоннинг фазовий тадқиқотлар борасидаги табиий салоҳиятидан унумли фойдаланиш экани қайд этилган.
Миллий аэрокосмик хизматлар ширкати Ўмоннинг биринчи суборбитал ракетасини қуриш ва учиришни ҳам режалаштирган.
Космодром барпо этилиши Яқин Шарқдаги фазовий тадқиқотларга ижобий туртки беради.







