Польша Украинага янада кўпроқ танк етказиб бермоқчи
Мамлакат бош вазири ярим йил аввал Киевга 250 та танк берганини тан олди.

Польша Украинага қўшимча 60 та танк бермоқчи. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Матеуш Моравецкий маълум қилди.
У Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича иттифоқчиларни янада фаол бўлишга кўндирганидан хурсандлигини айтган.
"Биз намуна бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Польша ярим йил олдин 250 та танк жўнатганди. Ҳозирнинг ўзида 60 та қўшимча етказиб беришга тайёрмиз. Уларнинг 30 таси — РТ-91", — деган Моравецкий.
РТ-91 Польша армиясининг асосий жанговар танки ҳисобланади. Варшава бундан олдин ҳам Киевга 14 та Leopard 2 етказиб беришини эълон қилганди.







