Шаҳзода Гарри сеҳргар Гаррини ортда қолдирди
Шаҳзода Гаррининг шов-шувли эсдаликлари қанча олади?

Penguin Random House нашриёти маълум қилишича, шаҳзода Гаррининг мемуарлари сотувга чиққанининг биринчи кунидаёқ АҚШда 1,4 млн нусхада сотилганини расман тасдиқлади. Бу Гарри Поттер ҳақидаги исталган китобдан кўп дегани.
Аммо умумий сайёра масштабида олганда Джоан Роулингнинг рекордини янгилаш қийин масала. 2007 йилда унинг “Гарри Поттер ва ажал туҳфаси” китоби 24 соат ичида бутун дунё бўйлаб 10 млн нусхада сотилган.
Ўтган ҳафта охирига келиб шаҳзоданинг “Заҳирадаги” китоби 16 хорижий тилда, 4 форматда (юмшоқ ва қаттиқ муқовали, электрон ва аудио китоб) 3,2 млн нусхада сотилган.
Келаси ойларда шаҳзоданинг эсдаликлари яна 10 та тилга таржима қилинади.
Ҳозиргача нашриётчилар ҳам, Гарри ҳам шартнома миқдорини эълон қилмаган. Аммо Британия ОАВлари Гаррининг авансининг ўзи рекорд 20 млн доллар бўлганини эълон қилди.
Фойдани тақсимлашнинг қандай формуласи танланганидан қатъи назар шаҳзоданинг оиласи энг камида 40 млн доллар олиши кераклиги айтилмоқда.
Бундан ташқари, Гарри ҳикоя қилган воқеаларни экранлаштириш ҳуқуқи ҳам камида 5 млн долларга баҳоланади. Бир нечта голливуд студиялари сценарий ёзиш ва фильм суратга олиш истагини билдирган.








