“Янги Ўзбекистон юлдузлари”ни тақдирлаш вазирлик учун 2,1 миллиардга тушди
Маданият ва туризм вазирлиги бир кунлик тадбир учун донаси 7 миллион сўмлик статуэтка, 2,5 миллионлик автомобиль ижараси ва бошқа харажатлар қилди.

Хабарингиз бор, кеча Маданият ва туризм вазирлиги “Янги Ўзбекистон юлдузлари” мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимини ўтказди. Ижтимоий тармоқларда вазирлик бир кунлик ушбу тадбир учун 2,1 миллиард сўм маблағ сарфлагани акс этган хабарлар тарқалмоқда.
Тасирлардан кўриш мумкинки, Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековнинг 2022 йил 29 декабрдаги буйруғига кўра, 2023 йилнинг январь ойида “Янги Ўзбекистон юлдузлари” маданият ва санъат миллий мукофоти совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилиши белгиланган.
Унда, мукофот совриндорларини 2023 йил 15 январгача саралаш ва 25 январда “Зўр ТВ” телеканалининг суратга ўтказиш майдонида ўтказиш чоралари кўрилиши айтилган. Яъни вазирлик ҳеч қандай тендерсиз, тўғридан тўғри шартнома орқали тадбир ўтказган. 2023 йил 13 январь куни Маданият ва туризм вазирлиги ва “Зўр ТВ” ўртасида 2,1 миллиард сўмлик шартнома имзоланган.
Илова қилинган харажатлар сметасига кўра, вазирлик 1 дона статуэткани 7 миллион сўмдан харид қилган. "Renessans hol" ижарасига эса 728 миллион сўм тўлаган. Шунингдек, реклама ролигини 146 марта “айлантириш” 327 миллион сўмга тушган.
Тадбирни ўтказиш учун ҳеч қандай тендер ўтказилмаган, шартнома тўғридан-тўғри тузилган.
Маданият вазирлигининг бир кунлик мазкур тадбири солиқ тўловчилар учун 2,1 миллиард сўмга тушган.







