Тошкентда 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
Оқибатда бир киши тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Бугун, 2 февраль куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида учта автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ ЙҲХБ маълумот берди.
Ҳодиса соат 13:30 атрофида Миробод туманининг Толимаржон кўчасида «Электроаппарат» заводи рўпарасида юз берган. Тўқнашув 2000 йилда туғилган К.Ю. бошқарувида бўлган Лабо русумли транспорт воситаси ҳамда 2003 йилда туғилган У.М. бошқарувида бўлган Матиз русумли автомашиналар иштирокида содир бўлган.
Зарба натижасида Матиз русумли автомашина бошқарувни йўқотиб, йўл четида тўхтаб турган 1988 йилда туғилган A.К.гa тегишли Спарк русумли автомашина билан тўқнашиб кетган.
Лабо ҳайдовчиси ҳаракатланиш устуворлигига эга бўлган Матиз русумли автомашина ҳайдовчисига йўл бермай, бурилиш манёврини амалга оширгани ҳодисага сабаб бўлган.
Тўқнашув натижасида Лабо ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








