АҚШ кучли муз бўрони ичида қолди
Техасда 350 мингдан ортиқ одам электрсиз қолди. Парвозлар бекор қилинган.

Душанба куни бошланган кучли ва узоқ давом этган муз бўрони Техаснинг бир қисмини конькида учиш майдончасига айлантирди. Бир неча киши офат қурбонига айланган, электр таъминотида узилишлар кузатилган, минглаб рейслар бекор қилинган. Бу ҳақда Тhе Wаshington Post нашри хабар берди.
Чоршанба куни тушдан кейин Техасда 350 мингдан ортиқ одам электрсиз қолди. Қурбонлар сони ортиши кутилмоқда. Чунки пайшанба куни эрталабдан бўрон янада кучайган. Миллий об-ҳаво хизмати муз бўрони (музли ёмғир, қор ва совуқ ҳаво аралашмаси) штат бўйлаб ҳаракатланишни деярли имконсиз қилади, деб огоҳлантирмоқда.
Техас губернатори Грег Эбботт сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида:
«Штатдаги электр таъминотидаги узилишларнинг кўпчилиги электр узатиш линияларининг муз билан қопланиши туфайли содир бўлган», — деди.
Тhе Wаshington Post хабарига кўра, Техасда 13 миллионга яқин киши муз бўронидан жабр кўрган: Даллас, Форт-Уорт, Абилин, Мидленд Одесса ва Сан-Анжело аҳолиси, шулар жумласидан. Табиий офат Арканзасдаги Ҳот Спрингс, Пайн Блафф ва Литтл- Роcк шаҳарларига, шунингдек, Теннесси штатидаги Мемфис ҳамда Жексонга ҳам таъсир кўрсатди.







