Ўтган йили 4 мингдан ортиқ киши Россия фуқаролигидан воз кечди
Улар орасида қатор миллиардерлар ҳам бор.

2022 йилда Россия Украинага қарши ҳарбий ҳаракат бошлаганидан кейин 4306 киши РФ фуқаролигидан воз кечган, улардан атиги 40 нафари мамлакатда, қолганлари хорижда. Бу дипломатик ваколатхоналар ва консуллик идораларининг маълумотлари ҳисобланади.
Таққослаш учун: 2020 йилда 3877 киши Россия фуқаролигидан бош тортган бўлса, 2021 йилда – 4055. Лекин 2019 йилда 2022-йилга нисбатан кўпроқ: 4356 нафар рад этиш бўлган.
Январь ойи охирида Ички ишлар вазирлиги мамлакатда атиги 40 киши Россия фуқаролигидан воз кечгани ҳақида хабар берган эди.
Январь ўрталарида РФнинг Эстониядаги элчихонаси россияликларнинг фуқароликдан чиқиш тўғрисидаги аризаларини қабул қилишни тўхтатаётганини эълон қилди ва буни Эстония расмийлари илтимосига кўра консуллик ходимлари сонининг тўрт баробардан кўпроқ қисқариши билан изоҳлади. Бироқ 6 февраль куни элчихона Россия фуқаролигидан чиқиш бўйича аризаларни қабул қилиш қайта бошланганини маълум қилди.
РФ фуқаролари давлат олдидаги бажарилмаган мажбуриятлари бўлмаса, фуқароликдан воз кечишлари мумкин — тўланмаган солиқлар, ҳарбий хизматдан бўйин товлаш ва жиноий ишлар ҳисобга олинади.
2022 йилда таниқли тадбиркорлар Олег Тиньков, Юрий Мильнер, Николай Сторонский ва Рубен Варданян Россия фуқаролигидан воз кечганди.







