Тошкентда 10 минг ўринли паркоматлар ташкил қилинади
Шунингдек, 25 та кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади.

Тошкент шаҳрига 1 апрелга қадар қўшимча 1 мингта автобус олиб келинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев пойтахт жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирокидаги йиғилишда маълум қилди.
Йиғилишда пойтахт жамоат транспорти соҳасида олиб борилаётган ва режалаштирилган ишларга тўхталиб ўтилди.
“Мана, бугун янги метро станцияларини бориб кўрдик. Янги линияда жами 7 та станциялар ишга тушганидан кейин, метрода кунлик йўловчилар сони 1 миллионга чиқади”, — деди давлат раҳбари.
Шаҳарда тирбандликни қисқартириш, одамларнинг узоғини яқин қилишга қаратилган бу ишлар давом эттирилиши таъкидланди. Жумладан:
— 1 апрелга қадар қўшимча 1 мингта автобус олиб келинади;
— 25 та кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади;
— йил якунигача 233 та чорраҳадаги светофорларни йўловчи оқимига қараб бошқариш тизими жорий қилинади;
— 20 та оқим юқори кўчаларда хусусий шериклик асосида жами 10 минг ўринли паркоматлар ташкил қилинади;
— Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманларидаги шаҳарга олиб кирувчи 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил қилиниб, тайёр бизнес сифатида аукционга чиқарилади.







