Ўзбекистон

Эдвард Ртвеладзесиз ўтган бир йил: хотира номалари

Атоқли олим ўтган йили вафот этганди.

Эдвард Ртвеладзесиз ўтган бир йил: хотира номалари

 

Атоқли олим, археолог, Ўзбекистон ва Грузия Фанлар академиялари академиги, ўнлаб китоб ва монографиялар муаллифи, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти илмий кенгаши раиси, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг илмий раҳбари Эдвард Василевич Ртвеладзе оламдан ўтганига роппа-роса бир йил бўлди. Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликни бошидан кечирди, бироқ Эдвард Ртвеладзенинг хотираси унинг яқинлари, дўстлари, сафдошлари ва ҳамкасблари қалбида барҳаётдир.

 

Олим Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятининг улкан қатламларини, Буюк ипак йўлининг эски ва янги карвон йўлларини ўрганган эди. Ртвеладзе ёзган 800 дан ортиқ илмий мақолалар Ўзбекистонда ва хорижда чоп этилган.

 

Сўнгги йилларда  Эдвард Ртвеладзе томонидан амалга оширилган энг машҳур археологик топилмалардан бири бу – милоддан аввалги IV аср охирига оид, Сурхондарё ҳудудида милоддан аввалги I аср бошларигача мавжуд бўлган Окс Александрияси порт шаҳридир.

 

Илмий фаолияти учун Эдвард Ртвеладзе 1985 йилда Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти, 2001 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени, 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2017 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.

 

Эслатиб ўтиш жоизки, 2022 йил 14 майда Тошкентда атоқли олим таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди ва унда «Эдвард Ртвеладзе хотирасига» ёдномалар китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Бугун, олим хотираси яна ёдга олинаркан, Бутунжаҳон жамияти бутун дунё олимларининг баъзи хотираларини ҳавола қилмоқда. Дунёнинг турли бурчакларидан келган олимлар, тадқиқотчилар, маданият ва санъат намояндалари Эдвард Василевич ҳақида қайғу ва соғинч сўзларини изҳор этадилар, унинг инсон ва олим сифатидаги хотиралари билан ўртоқлашадилар.

 

Баъзи хотиралардан парчаларни эълон қиламиз:

 

Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси таҳрир ҳайъати раиси, ҳуқуқ фанлари доктори:

 

«Эдвард Василевич Ртвеладзе энг буюк ва айни пайтда энг бахтли олимлардан бири сифатида хотирамизда қолади. Эдвард Василевич Ртвеладзени яқиндан таниган  одамлар уни яхши фазилатлари билан эслашади. Олим, дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган бир неча юзлаб илмий асарлар муаллифи сифатида, шубҳасиз, бизнинг таниқли замондошларимиз қаторига киради. Вақт ўтиб, илм-фан тараққий этгани сари, тадқиқотчи ғояларининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, теранлиги яққол намоён бўлиб бораверади».

 

Фредерик Старр, Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси (АҚШ ва Швеция):

«Эдвард Ртвеладзени бирон бир касб ёки мутахассислик билан чегаралаб бўлмайди. У илғор бўлган соҳаларнинг бир нечтасини санаб ўтсак, унинг малакали тилшунос, тарихчи, тадқиқотчи, эпиграф, географ, санъатшунос ва нумизмат бўлганини қайд этиб ўтиш мумкин. Кекса авлоднинг етук олимлари олимнинг тажрибасини эътироф этиб, фаолияти ривожида уни қўллаб-қувватлагандилар. Бироқ унинг ўзи ҳеч қандай олий маълумоти бўлмаган, аммо чексиз қизиқишларга эга китобхон отаси ҳаётига катта таъсир ўтказганини тезда англади."

 

Сергей Лаптев, тарих фанлари номзоди, Михо музейи (Япония) махсус илмий ходими, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви аъзоси:

 

«Эдвард Василевич илм-фанни, айниқса археологияни жуда ҳам яхши кўрарди. Унинг ҳаётини, фикр-мулоҳазаларини, ташвишларини фақатгина илм банд қилган эди. У мукофот ва унвонлар изламади – аксинча, барча мукофотлар уни излаб топишди. Эдвард Василевич илм-фанга хизмат қилди, ҳақиқатга содиқ қолди, бутун умрини, қалб қўрини илм-фанга бағишлади. Ўта банд бўлишига, узлуксиз ишлашига қарамай, илм-фан ва таълимни жамиятга олиб кириш, олимларнинг одамлар билан кенг доирада мулоқотини ривожлантириш нақадар муҳим эканини англаб, сенатор бўлишга рози бўлди. Эдвард Василевичнинг олдига кўпинча олимлар билан бир қаторда оддий инсонлар ҳам саволлар, илтимослар, таклифлар билан кўп келишарди. Ва у ҳеч қачон ҳеч кимдан ёрдамини аямаган. Эдвард Василевич ҳар доим одамларни тинглаш учун вақт топди, доим қўлидан келганча ёрдам берди. Бу ҳайратланарли даражада кам учрайдиган фазилатдир. Одамларга ёрдам бериш истаги ҳамиша қалбининг туб-тубидан ўрин олган, юзларидан, айниқса, кўзларидан меҳрибонлик нурлари таралиб турарди. Унинг бу жиҳатидан барчамиз ўрнак олсак арзийди».

 

Михаил Бухарин, Россия Фанлар академиясининг академиги, Германия археология институти мухбир аъзоси, Россия Фанлар академиясининг Жаҳон тарихи институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори (Россия):

 

«Эдвард Василевич Ртвеладзе ҳозирги ва келажак авлод олимлари ҳамда тарих ихлосмандлари учун атоқли олим ва илм-фан жонкуяри сифатида хотираларда қолади. У ўзи шахсан таниган ва ҳамкорлик қилганлар учун дўст ва ҳомий, маслаҳатчи ва мураббий, ўз билими ва кучини сахийлик билан баҳам кўрадиган самимий суҳбатдош эди. Эдвард Василевич ўз илмий мактабининг раҳбари ҳамда ХХ-ХХI асрлардаги, жумладан, Ўзбекистонда ривожланган тарих фанининг энг яхши анъаналари давомчиси бўлди».

 

Эльмира Гюль, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг илмий мувофиқлаштирувчиси:

  

«Эдвард Васильевич ҳаётлигидаёқ тирик афсонага айланганди.  Унинг ҳар бир китоби диққат билан ўқиладиган ҳақиқий кашфиёт бўларди. У ўтган кунлар  воқеликларини кўзгуда кўриб тургандек талқин қилар эди. Биз Сизни доим ёдда тутамиз, Эдвард Васильевич. Ҳақиқий олим қандай бўлиши лозимлиги борасидаги Сизнинг шахсий намунангиз, китобларингиз биз билан қолди».

 

Эдвард Ртвеладзе умрининг сўнгги йилларида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг илмий раҳбари бўлиб ишлади. Унинг раҳбарлигида ушбу туркумнинг 50 та расмларга бой китоб-альбомлари нашр этилди. Шунингдек, «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар», «Тарихий кутубхона» ва «Ўзбекистоннинг атоқли олимлари» туркум китоблари устида иш олиб борди.

 

«Эдвард Василевич Ўзбекистон Президентининг мамлакатимиз маданий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш борасидаги ташаббусларини қизғин қўллаб-қувватларди. У «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг илмий раҳбари сифатида бу йўлда тинимсиз изланди. Унинг меҳнати муносиб баҳоланди – 2017 йилда академик таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эдвард Ртвеладзени «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлади. Бу йил Жаҳон жамияти академикнинг таваллуд кунида илк бор «Ртвеладзе сабоқлари»ни ўтказади.

Бу академик Эдвард Ртвеладзе хотирасига чуқур ҳурмат тимсолига айланади ва унинг изланишлари ва кашфиётларини асраб-авайлашга хизмат қилади. Айни пайтда Бутунжаҳон жамияти академик хотирасини абадийлаштириш бўйича ҳукуматга таклифлар тайёрламоқда. Бутунжаҳон жамиятининг VII Конгресси доирасида Эдвард Василевич Ртвеладзе хотирасига бағишланган китобнинг босма нашри тақдимоти бўлиб ўтади. Ишончимиз комилки, китоб буюк устоз, буюк инсон ва буюк дўст хотирасига муҳим ҳурмат-эҳтиром рамзи бўлиб қолади», – дейди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов.

 

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳалар билан танишди.

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Санитария-гигиена шохобчалари соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади.

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

У фирибгарлик ва товламачилик моддалари бўйича айбдор деб топилган.

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Уларнинг тадқиқотлари ёрдамида ёруғлик орқали нерв ҳужайраларини аниқ фаоллаштириш ёки фаолсизлантириш имкониятига эришилди.

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Таълим ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида кундузги ва муқобил шаклларда олиб борилади.

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Миллий терма жамоа 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медали билан Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин бешинчи ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Бунга айрим ўзбекистонликларнинг мамлакат ҳудудида вояга етмаганларга қарши содир этган жиноятлари сабаб бўлган.

Багажсиз учган йўловчилар: 99 та багаж Истанбулда қолиб кетди

Багажсиз учган йўловчилар: 99 та багаж Истанбулда қолиб кетди

«Centrum Air» йўловчиларининг 100 га яқин багажи Истанбулда қолдириб кетилди.

Эдвард Ртвеладзесиз ўтган бир йил: хотира номалари | Zamon.uz