Россия ракеталари НАТО аъзоси бўлган давлат устидан учиб ўтди
Бугун Украинага навбатдаги ҳаво зарбалари берилди.

Қора денгиздан учган Россиянинг иккита "Калибр" қанотли ракетаси Молдова ва Руминия ҳаво ҳудудини кесиб ўтди.
Шундан сўнг улар чегара бўйлаб ҳаракатланиб, Украина ҳаво ҳудудига кириб келди.
Украина Қуролли Кучлари Молдова ва Руминия устидан учиб ўтаётган "Калибр"ни уриб тушириши мумкинлигини айтди, аммо хорижий давлат аҳолиси учун хавф ва таҳдидлар ҳисобга олинган ҳолда бу иш дарҳол амалга оширилмаган.
Малумот ўрнида: Руминия НАТО аъзосидир. Ҳар икки давлат расмийлари ҳам бу борада ҳозирча изоҳ бермаган.
Украинага навбатдаги ҳаво зарбалари кеча тунда бошланган. Мамлакатнинг 4 та вилоятига 16 та ракета зарбалари берилган.
"Укренерго” маълумотларига кўра, Россия ҳаво ҳужумининг асосий мақсади электр стансиялари ва юқори волтли тармоқ иншоотлари бўлган. Географик мўлжал Украинанинг шарқий, ғарбий ва жанубий вилоятлари ҳисобланган.
"Укренерго" томонидан бир кун олдин ишга туширилган ҳудудларда истеъмолни ўлчаш жадвали ҳам бекор қилинди.
Энг қийин вазият ҳозир Харков вилоятида кузатилмоқда.
Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида бутун мамлакатда қайтадан ҳаво тревогаси эълон қилинди. Беларус нашрлари "МиГ-31" самолётлари ҳавога кўтарилган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.







