«Қамчиқ»да кучли ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда
«Ўзгидромет» шошилинч ахборот эълон қилди.

16–18 февраль кунлари «Қамчиқ» довонида кучли ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Бу бўйича тезкор гидрометеорологик ахборот эълон қилинди.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, Тошкент – Ўш автойўлининг «Қамчиқ» довонидан ўтган қисмида қор ёғиши, вақти–вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши мумкин.
Шунингдек, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 15-20 метр/секундгача кучайиши, автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши прогноз қилиняпти.
14–20 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик сабабли республиканинг қуйидаги тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинади:
Қашқадарё вилояти: Китоб, Шаҳрисабз туманларида;
Сурхондарё вилояти: Сариосиё, Бойсун туманларида;
Самарқанд вилояти: Самарқанд, Ургут туманларида;
Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал туманларида;
Тошкент вилояти: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида ва Чотқол тизмасининг «Чимён» тоғларида;
Наманган вилояти: Поп туманида;
Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона туманларида.
“Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқароларни, дам олувчиларни ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз”, — дейилади хабарда.








