Туркияда вафот этгани айтилган ўзбекистонлик аёл топилди
Истанбулдаги Бош консулхона унинг соғлиги ҳақида маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда наманганлик фуқаро Шоҳиста Ниёзова Туркиядаги зилзила оқибатида қулаган бино ичида қолиб вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълумот берди.
“Мазкур хабар асосида Бош консулхонамиз ушбу ватандошимизни қидириб топишга муваффақ бўлди. Ватандошимиз тирик”, — дейилади хабарда.
Ш.Ниёзова шифохонага олиб борилиб, кўрикдан ўтказилган. Унга зарурий тиббий муолажа кўрсатилган, ҳозирда унинг соғлиғи қониқарли аҳволда.
Таъкиданишича, Ш.Ниёзова қисқа муддатларда Ўзбекистонга юборилади.








