АҚШ Украинани Россия "ноғорасига ўйнамасликка" чақирмоқда
Вашингтон Бахмутни ташлаб чиқиш ва асосий эътиборни баҳорги қарши ҳужумларга қаратишни таклиф қилган.

АҚШ амалдорлари Киевга ташрифи давомида Украинани уруш янги ҳал қилувчи паллага киргани тўғрисида огоҳлантирган. Бу ҳақда The Washington Post ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Жозеф Байден администрацияси учун энг мақбул вариант сифатида музокаралар бошлангунча Украина кўпроқ ҳудудни қайтариб олиши бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга Америка разведкаси украин армиясининг Қримга ҳужуми имконсиз экани тўғрисида хулоса берган.
WP'га кўра, Оқ уй амалдорлари жанг майдонида кўпроқ муваффақиятга эришиши учун Киевга босимни кучайтирган. Вашингтон Зеленскийни қанча пайт зарур бўлса, шунча қўллаб-қувватлашга ваъда берган бўлса-да, Байден маъмурияти сўнгги ҳарбий ёрдам пакетини уруш боришини ўзгартириб юбориш учун энг яхши имконият сифатида баҳолаган.
"Қанча бўлса, шунча ёрдам бу низо масштабини англатади. Бу ёрдам ҳажмига тааллуқли эмас", — деган газета манбаларидан бири.
Нашр бундан олдинги ҳарбий ёрдам пакетлари Конгрессда ҳар икки партия томонидан қўллаб-қувватланганига эътибор қаратган. Аммо бу Вакиллар палатаси демократлар қўлида бўлган пайт эди.
Ҳозирда Оқ уй конгресс билан Украинага 10 миллиард долларлик бюджет ёрдами устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, кейинги ҳафтада янги ҳарбий кўмак ва Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакетини эълон қилиши мумкин.
Вашингтон баҳорда урушда бурилиш нуқтаси бўлишига ишонмоқда. Бу пайтда Россия ҳужумга, Украина эса қарши ҳужумга ўтиши мумкин. Шу билан бирга АҚШ таҳлилчилари Киев бир вақтнинг ўзида Бахмутни ушлаб қолиши ва қарши ҳужумни бошлаши имконсиз эканини таъкидлашмоқда.
Қўшимча қилинишича, украин қўшинлари Россия қўшин юборган жойда жанг қилишда давом этса, ташаббус Москвага ўтишидан огоҳлантирган. Қўшма Штатлар Украинани баҳорги ҳужумларга устувор вазифа сифатида қарашга чақирмоқда. Америкалик амалдорлардан бири Бахмутнинг йўқотилиши жанг майдонида стратегик силжишга олиб келмаслигини айтган.







