Оққўрғонда 4 киши овқатдан заҳарланиб вафот этди
Яна 3 киши ушбу ташхис билан шифохонага ётқизилган.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 17 февраль куни 4 киши овқатдан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Воқеа жойида Оққўрғон туманида яшовчи оиланинг 3 нафар аъзоси — 1961 йилда туғилган аёл A.З., 1978 йилда туғилган эркак X.М. ва 1982 йилда туғилган аёл С.Р. вафот этган. Шунингдек, ушбу хонадонда яшовчи 18 ёшли Р.М., 20 ёшли Д.M., 11 ёшли Т.M. ва 2 ёшли Х.A. “номаълум этиологик заҳарланиш” ташхиси билан тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан, 18 ёшли R.M. касалхона жонлантириш бўлимида вафот этган.
Ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасида фуқаролар марҳумларнинг ўлими бўйича суд тиббий ташхиси “ис газидан ўткир заҳарланиш, мурда доғларининг оч пушти рангдалиги, ички аъзолар пушти рангга кириши, қоннинг суюқ ҳолати, ички аъзоларнинг тўлақонлиги, мия ва ўпка шиши, номаълум этиологияли овқатдан заҳарланиш” эканлиги қайд этилган.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.








