Тошкентда кўп қаватли "стоянка"лар қурилади
Бу бўйича Президент қарори қабул қилинди.

Тошкент шаҳрида кўп қаватли автотураргоҳлар қурилади. Бу ҳақда 16 февраль куни қабул қилинган “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида сўз боради.
Унга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг махсус ташкил қилинадиган давлат муассасасига ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратган ҳолда Давлат бюджети ҳисобидан ёки давлат-хусусий шерикчилик асосида Тошкент шаҳрида кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш ва уларни тайёр бизнес сифатида тадбиркорлик субъектларига автотураргоҳ профилини ўзгартирмаслик шарти билан сотиш амалиёти жорий этилади.
Кўп қаватли автотураргоҳларни ўз таннархининг 10 фоиз миқдорида бошланғич қийматда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш имконияти тақдим этилади.
Мазкур жойлар қурилишини молиялаштириш республика ва маҳаллий бюджет даромадларининг режадан орттириб бажарилган қисмидан тенг улушларда амалга оширилади. Биринчи босқичда транспортлар оқими тўпланувчи манзилларда 4 та кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш жойлари танлаб олинади.








