Самарқанддаги меҳмонхона 7 млрдлик электрдан ноқонуний фойдалангани фош бўлди
Бу 85 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг.

Самарқанд шаҳрида меҳмонхона томонидан 7,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Ўтказилган назорат тадбири давомида Самарқанд шаҳрининг Сўғдиёна мавзесида фаолият юритиб келаётган “Dobusya Samarqand Aqualand” МЧЖда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.
Маълум бўлишича, тадбиркорлик субъектига тегишли меҳмонхонада яширинча ўрнатилган ўчиргич орқали электр ҳисоблаш тизимига ташқи таъсир кўрсатилган. Истеъмолчига 16,9 млн кВ⋅соат ҳисобга олинмаган электр энергияси бўйича 7,6 млрд сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилган.
Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 85 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
“Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди. Назорат тадбирлари давом этмоқда”, — дейилади хабарда.








