Тошкентда 50 кишининг Умра сафари билети учун берилган пул «ухлатилди»
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.

Тошкент шаҳрида тадбиркорларга авиачипта банд қилишда ёрдам беришни ваъда қилган фирибгарлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Қайд этилишича, департаментнинг Яккасарой туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаро J.R. ва бошқалар И.Т. ва Т.А. МЧЖ раҳбарларининг ишончига кириб, ушбу МЧЖлар томонидан 50 нафар фуқарони Умра сафарига юбориш учун Тошкент-Қувайт-Мадина йўналиши бўйича авиачипталарни банд қилишга ёрдам бериш эвазига олдиндан тўлов сифатида жами 10 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








