Фарғонада CEFR сертификатини имтиҳонсиз олиб берувчилар ушланди
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши очилган.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида халқаро сертификат олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департамент ҳамда ДХХнинг Ўзбекистон тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро М.Ш. ва бошқалар фуқаро Ж.И.га инглиз тилини билиш даражасини берувчи “CEFR C1” тоифали халқаро сертификатни ҳеч қандай имтиҳон топширмасдан 1 500 АҚШ доллари эвазига олиб беришларини айтиб, олдиндан 1 000 АҚШ долларини олган вақтларда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








