Пискентда давлат ери сохта ҳужжатлар билан МЧЖга бериб юборилди
Бунда ҳоким ёрдамчисининг қўли бор.

Тошкент вилоятининг Пискент туманида давлат захирасидаги салкам 20 гектар ер майдони сохта ҳужжатлар билан МЧЖга бериб юборилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.
Қайдь этилишича, Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Президентнинг “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ўрганилганида бир қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, Пискент туман ҳокими ёрдамчиси М.С., туман ҳокимлиги умумий бўлим мудири Э.Н. ва бошқалар томонидан туманнинг давлат захира ерлари ҳудудида жойлашган жами 19,19 гектар ер майдонини “O.Q.” МЧЖга балиқчилик ховузларини ташкил этиш учун 30 йил муддатга ажратиб бериш ҳақидаги туман ҳокимининг қарорини ҳамда ижара шартномасини сохталаштириб, ер участкасини ижара ҳуқуқи асосида жамият номига давлат рўйхатидан ўтказишга эришишган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.С., Э.Н. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.








