Самарқандда фуқарони 30 минг долларга АҚШга юбормоқчи бўлган шахс ушланди
Бу бўйича вилоятда тезкор тадбир ўтказилган.

Фуқарони 30 минг доллар эвазига Америкага юбормоқчи бўлган шахс ушланди, дея хабар бермоқда «ЎзА» ахборот агентлиги.
Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида туғилган, ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро С.П. маҳаллий фуқаро Ғ.A.ни 30 минг АҚШ доллари эвазига "ўзининг қўли узун танишлари" орқали Америка Қўшма Штатларига юборишни ваъда қилган. Бунинг учун олдиндан 10 минг, АҚШга борганидан сўнг яна 20 минг долларни бериши мумкинлигини айтган.
Ушбу келишувга кўра, фуқаро С.П. «мижози» Ғ.A.дан 10 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга тушган.
“Ҳозирда ҳолат юзасидан С.П.гa нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилмоқда”, — дейилади хабарда.







