Яшнободда юк поезди рельсдан чиқиб кетди
Ҳозирда воқеа жойида суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги темирйўл бекати оралиғида поезд вагонлари рельсдан чиқиб кетди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.
Қайд этилишича, бугун, 11 март куни соат 12:05 ларда “Қўқон-Тўқимачи-Арис” (Қозоғистон) йўналишидаги юк поезди таркибида жами 51 та ҳар хил турдаги бўш вагонлар билан ҳаракатланаётган вақтида, Яшнобод туманидаги “Хамза-Тошкент товар” темир йўл бекатлари оралиғида ушбу поезд таркибидаги 3 та вагон темир йўл изидан чиқиб кетган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган шахслар мавжуд эмас. Воқеа жойида тергов-тезкор гуруҳи томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








