LOT Polish Airlines Полшадан Тошкентга парвозларни йўлга қўйди
Янги йўналишда рейслар ҳар 10 кунда бир марта амалга оширилади.

Кеча, 21 март куни маҳаллий вақт билан соат 18:03 да Польшанинг LOT Polish Airlines авиакомпаниясининг самолёти Тошкент халқаро аэропортига қўнди ва янги Варшава — Тошкент — Варшава йўловчи йўналишини очди. Бу ҳақда Uzbekistan airports хабар берди.
Анъанага кўра, Boeing 787 Dreamliner сув аркаси билан тантанали равишда кутиб олинди. Экипаж ва йўловчиларни карнай ва сурнай садолари остида Uzbekistan airports компанияси раҳбарияти, Польшанинг Ўзбекистондаги элчиси, Туризм ва Транспорт вазирликлари вакиллари, шунингдек, Flyinʼup компанияси раҳбарияти гуллар билан кутиб олди.
Июнь ойининг ўрталарига қадар ҳар 10 кунда бир марта чартер асосида парвозлар амалга оширилади. Қишки жадвалга ўтиш муносабати билан авиакомпания Варшава — Тошкент — Варшава йўналиши бўйича мунтазам қатновларга ўтишга умид қилмоқда.
LOT Polish Airlines — штаб-квартираси Варшавада жойлашган Польша авиакомпанияси. Авиакомпания дунёдаги энг қадимги, энг йирик ва вакиллик авиация альянси бўлган Star Alliance аъзоси ҳисобланади.








