Бўкада фуқарони сарсон қилган масъуллар ишдан олинди
Улар биринчи гуруҳ ногирони бўлган фуқаронинг мурожаатини эътиборсиз қолдириб, уни ёлғон ваъдалар билан алдаб келишган.

Тошкент вилоятининг Бўка туманида мурожаатчи билан ишлашда юзага келган бошбошдоқлик сабаб уч нафар масъул ишдан олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Кеча, 25 март куни Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев шошилинч йиғилиш ўтказган. Унда Бўка тумани «Янгибоғ» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Музаффар Ҳайдаровнинг мурожаати нима сабабдан сансоларликка учрагани тегишли мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинган.
Маълум бўлишича, биринчи гуруҳ ногирони бўлган фуқаронинг мурожаати Бўка туманидаги айрим мансабдорлар томонидан эътиборсиз қолдирилган. Хусусан, “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори талабларига риоя қилинмаган, аукцион орқали олинган ер ўз вақтида ажратиб берилмаган ва сансоларликка йўл қўйилган.
Бўка тумани ҳокимлигининг умумий бўлими мудири ўзини вилоят ҳокимининг ёрдамчиси, деб таништирган ҳамда мурожаатчини ёлғон ваъдалар билан бир неча марта алдаб келган. Маҳаллада фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси вазиятни юмшатиш, фуқарога ёрдам бериш ўрнига шу пайтгача алдаб келган. Шу тариқа аукционда ютиб олинган ерга баҳорги экин экиш, ерни тайёрлаш кечикмоқда.
Вазият бўйича масъулларга тегишинча жазо чоралари қўлланиб, 3 нафар мансабдор эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган ва бир кишига ҳайфсан берилган.








