Самарқандда электр тармоқлари корхонаси ходими пора билан ушланди
У фуқаронинг мавжуд қарздорлигини йўқ қилиб бермоқчи бўлган.

Самарқанд шаҳрида электр таъминоти қарздорлигини йўқ қилиб беришни ваъда қилган муҳандис ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ИИБ коррупцияга қарши курашиш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси муҳандиси С.б. фуқаро А.Ч.нинг хонадонидаги электр энергиясига ноқонуний уланганлиги ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик ҳамда мавжуд қарздорлигини йўқ қилиб бериш эвазига 4 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








