Тошкентда янги купюраларни сохталаштириш ҳолати аниқланди
Ҳозирда ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ тергов бошлаган.

Тошкент шаҳрида пул бирлигини қалбакилаштириш ҳолати аниқланди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 27 март куни 26 ёшли Н. Ш. iPhone 12 Pro русумли телефон аппаратини 5 млн 900 минг сўмга сотиши ҳақида эълон беради. Тез орада ушбу эълонга нотаниш йигит қўнғироқ қилиб, телефон аппаратини сотиб олмоқчи эканлигини маълум қилади.
Н. Ш. Янгиҳаёт туманидаги 3-метро бекати олдида жойлашган автобус бекатида харидор билан учрашишга келишади. Нотаниш йигит деярли савдолашмай, келишилган пулни Н.Ш.гa бериб, телефонни олиб кетади.
Н. Ш. пулларни санаганида бир нечта пулларнинг ҳақиқийлигига шубҳаланган ва бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББга ариза билан мурожаат қилган.
Ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида Н.Ш.дaн 10 дона 200 минг сўмлик ва 5 дона 100 минг сўмлик — жами 2,5 млн сўм миқдоридаги пуллар ашёвий далил сифатида олинган. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу пул бирликлари қалбаки эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (“Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








