Ўзбекистон фуқаролигини олиш истагидаги номзодлар учун янги хизмат ташкил этилди
Эндиликда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароликни олишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун имтиҳондан ўтиш учун аризани давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали топширишлари мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Киритилаётган ўзгартиришлар билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фуқароликни олишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун имтиҳондан ўтиш учун аризани давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали топшириш имкони яратилмоқда.
Шунингдек, эндиликда ҳудудий давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича ҳудудий имтиҳон комиссиясининг қароридан норози бўлган номзодлар ҳам апелляция беришлари мумкин.
Апелляция давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали имтиҳон натижалари эълон қилинган пайтдан бошлаб 5 кун ичида берилади.
Ушбу ҳолатда имтиҳон натижалари эълон қилинган пайтдан бошлаб 10 кун ичида апелляция имтиҳони ўтказилиб, натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
-
апелляцияни қаноатлантиришда рад этиш;
-
дастлабки имтиҳон натижаларини ўзгартириб, апелляцияни қаноатлантириш;
-
дастлабки имтиҳон натижаларини бекор қилиб такрорий имтиҳон тайинлаш.
Апелляция комиссиясининг қарори юзасидан судга шикоят топшириш мумкин.







