Таиландда кичик самолёт қулаб тушди
Фожиа оқибатида беш киши ҳалок бўлган.

Таиланднинг Пҳетчабури провинциясида кичик самолёт қулаб тушди, натижада беш киши ҳалок бўлди, яна бир киши оғир жароҳат олди.
Фожиа 25 апрель куни эрталаб, маҳаллий вақт билан соат 08:00 атрофида Ча-Ам шаҳри яқинида юз берган. Ҳалокат юз берган жой дарҳол ўраб олинган, воқеа жойига қутқарувчилар ва тез ёрдам гуруҳлари етиб келган.
Таиланд авиация маъмурияти ва полицияси ҳозирда ҳалокат сабаблари бўйича тергов олиб бормоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, об-ҳаво шароити ва техник носозлик эҳтимоли кўриб чиқилмоқда.
Жароҳатланган киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган, унинг аҳволи ҳақида расмий маълумот ҳозирча берилмаган.







