АҚШ ва Эрон ядровий музокараларнинг учинчи босқичини ўтказди
Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокаралар май ойида давом этади.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий дастур бўйича музокараларнинг учинчи босқичи 26 апрель куни Уммон ҳудудида бўлиб ўтди. Маълум қилинишича, АҚШ делегациясига Трампнинг махсус вакили Стивен Виткофф, Эрон делегациясига эса мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи раҳбарлик қилган. Ҳар икки томондан музокараларда махсус экспертлар ҳам иштирок этган.
Музокаралар тўғридан-тўғри бўлмаган (билвосита) шаклда ўтган ва учинчи босқич натижалари ҳозирча расман ошкор қилинмаган.
Уммон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусайди берган маълумотга кўра, Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги мулоқот май ойи бошида давом эттирилади. У 26 апрелдаги маслаҳатлашувлар барча томонларнинг “ўзаро ҳурматга асосланган келишувга эришиш” истагини ифодалаганини таъкидлаган.
Хабарларга кўра, музокараларнинг асосий мақсади — Эроннинг ядровий қурол яратишига йўл қўймаслик ҳамда АҚШ томонидан Теҳронга нисбатан қўлланилган санкцияларни бекор қилиш эвазига янги ядровий келишувга эришишдир.







