ҲАМАС Ғазо учун сулҳ таклифини кўриб чиқмоқда
Исроил билан кўп йиллик сулҳга тайёр, бироқ қуролсизланишга рози эмас.

ҲАМАС Ғазо секторида Исроил билан 5–7 йил муддатга сулҳ тузишга тайёрлигини билдирди, бироқ қуролсизланиш талабини рад этди. Бу ҳақда Қоҳирада воситачилар билан олиб борилган музокаралар чоғида ҲАМАС раҳбариятининг ОАВ маслаҳатчиси Тоҳир Ал-Ноно маълум қилди.
“Биз ўт очишни тўхтатиш ғоясини ёки унинг муддатини рад этмаймиз ва бу масалани музокаралар доирасида муҳокама қилишга тайёрмиз. Урушни тугатиш бўйича ҳар қандай жиддий таклифларга очиқмиз”, — деди Ал-Ноно.
ҲАМАС воситачиларнинг ўз таклифларини қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда. Улар орасида жангларни тўхтатиш, Ғазо секторини қайта тиклаш, фаластинлик асирлар ва барча гаровга олинганларни озод қилиш масалалари мавжуд.
Бироқ Исроилнинг Ғазо секторини демилитаризация қилиш талаби қатъий рад этилди.
“Қаршилик қуроллари музокара мавзуси эмас. Ишғол мавжуд экан, биз ўз қуролларимизни сақлаб қоламиз”, — дея қўшимча қилди Ал-Ноно.







