Афғонистонда бир грамм олтин нархи 100 долларга етди
Мамлакатда тўй маросимлари учун олтин олиш тобора қийинлашмоқда.

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида араб олтинининг бир грамм нархи 100 АҚШ долларига кўтарилди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, иқтисодий қийинчиликлар сабабли тўй ва унаштириш маросимлари учун олтин харид қилиш тобора мушкуллашмоқда. Аҳоли олтин нархи тушишига умид билдирмоқда.
Мозори Шарифдаги олтин сотувчиларнинг айтишича, олтин нархининг ошиши жаҳон бозорларидаги ўзгаришлар, хусусан, Хитой ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий таранглик билан боғлиқ. Савдогарлар аёллар орасида олтин сотиш ҳоллари кўпайганини, сотиб олиш эса камайганини таъкидлашмоқда.
Ҳозирда шаҳарда 18 каратли олтиннинг бир грамм нархи 6 300 афғоний, 21 каратли олтин 7 300 афғоний, Эрон олтини эса 4 400 афғонийдан сотилмоқда. Савдогарлар олтин бозоридаги ҳаракат сусайганидан шикоят қилмоқда.







