АҚШ қирувчи самолёти Қизил денгизга қулаб тушди
Оқибатда бир нафар денгизчи енгил жароҳат олган.

Маълумотларга кўра, Қўшма Штатлар Ҳарбий-денгиз кучларига қарашли F/А-18 Super Hornet қирувчи самолёти Ямандаги ҳусийларга қарши операция доирасида Қизил денгизда жойлашган USS Harry Truman авиаташувчисининг палубасидан сувга қулаб тушган.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг маълум қилишича, самолётни тортиб бориш чоғида экипаж бошқарувни йўқотган ва натижада самолёт ҳамда тортувчи транспорт воситаси бортдан қулаб тушган. Экипаж аъзолари қутқарилган, бир денгизчи енгил жароҳат олган.
CNN манбасининг айтишича, авиаташувчи ҳусийларнинг зарбасидан қочиш учун кескин бурилиш қилган ва бу 60 миллион долларлик самолётнинг денгизга қулашига сабаб бўлган. 28 апрел куни ҳусийлар USS Harry Truman авиаташувчисига дронлар ва ракеталар билан зарба берганини эълон қилган эди.







