Россия чегараларда ҳарбий қисмлар ва темир йўл қурмоқда
Россия Болтиқбўйи давлатларига чекланган операция ўтказиши мумкин.

Маълум қилинишича, Planet компанияси томонидан тақдим этилган тижорат сунъий йўлдош тасвирларига кўра, сўнгги йилларда Россия Финляндия ва Норвегия билан чегарадош ҳудудларда ҳарбий қисмларини кенгайтирмоқда ҳамда Финляндия, Норвегия ва Эстония билан чегара бўйлаб янги темир йўл тармоқларини қурмоқда.
Экспертларнинг фикрича, бу ҳаракатлар Россиянинг эҳтимолий ҳарбий можарога тайёргарлик кўраётганидан далолат беради.
Европа разведка ходими The Wall Street Journal’га берган изоҳида, Россия НАТО иттифоқи бирлигини шубҳа остига қўйиш учун альянс аъзоси бўлган кичик давлат — масалан, рус аҳолиси нисбатан кўп бўлган Эстонияга бостириб киришга уриниш эҳтимоли борлигини таъкидлади.
Карнеги жамғармасининг Россия ва Евроосиё дастури катта илмий ходими Майкл Кофманнинг фикрича эса, Россия яқин орада Болтиқбўйи давлатларига қарши “чекланган ҳарбий операция” ўтказиши мумкин.








