АҚШ Россия ва Украинани якуний таклифлар беришга чақирди
Музокараларда силжиш бўлмаса, АҚШ воситачиликдан чиқиши мумкин.

АҚШ Давлат департаменти Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш бўйича музокараларда сусткашлик давом этса, Америка бу жараёндан чиқишини расман маълум қилди.
Давлат департаменти вакили Темми Брюс Вашингтонда ўтказилган брифингда давлат котиби Марко Рубио позициясини қуйидагича баён қилди:
“Ҳозир айнан шундай вақтки, икки томон ҳам урушга қандай якун ясаш бўйича аниқ ва амалий таклифлар билан чиқиши лозим. Агар яқин орада силжиш бўлмаса, АҚШ воситачилик ролидан воз кечади”.
Брюснинг сўзларига кўра, бу борада якуний қарорни президент Доналд Трамп қабул қилади.
Ҳозирча Москва ҳам, Киев ҳам АҚШнинг ушбу огоҳлантиришига расмий жавоб бермаган. Сиёсатшунослар бу баёнотни Вашингтоннинг сабр-тоқатига чек қўйилиши ва музокаралардаги натижасизликдан чарчаганининг ишораси сифатида баҳоламоқда.








