Исроилда кучли ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда
Европа давлатлари ёнғинларни ўчиришда ёрдам юбормоқда.
Исроилда бир неча кундан бери давом этаётган кучли ўрмон ёнғинлари мамлакатнинг марказий ва ғарбий ҳудудларини қамраб олди. Ёнғинлар айниқса Қуддус атрофидаги тепаликларда кенг майдонларга тарқалган. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, кучли шамол ва 40 даражадан юқори ҳарорат оловнинг тез ёйилишига сабаб бўлмоқда.
Исроил ҳукумати ёнғин хавфи юқори бўлган ҳудудлардан аҳолини фавқулодда тартибда эвакуация қилишни бошлади. Қуддусга олиб борувчи асосий автомагистраль йўллар вақтинча ёпилган.
Фавқулодда вазиятга жавобан Европанинг бир нечта давлатлари Исроилга ўт ўчириш гуруҳларини юборди:
Греция, Хорватия, Кипр ва Италия ёнғинларни ўчиришда иштирок этмоқда. Ёрдам таркибида махсус самолётлар, вертолётлар ва ўрмон ёнғинларига қарши жиҳозланган техникалар ҳам бор.
Исроил ҳукумати жаҳон ҳамжамиятидан ёрдам сўрашни давом эттирмоқда. Мутахассислар фикрича, глобал исиш ва узоқ давом этган қурғоқчилик минтақада ёнғин хавфини сезиларли даражада оширган.








