Россиянинг дрон ҳужумлари давом этмоқда
Бир кечада 100 дан ортиқ дрон ҳужуми уюштирилди.

Украина президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия армияси мамлакат шаҳарлари ва аҳоли пунктларига оммавий дрон ҳужумларини давом эттирмоқда.
“Харков, Днипро, Добропилле ва бошқа ҳудудлар бутун тун давомида нишонга олинди. Фақат биргина тун ичида Россия томонидан 100 дан ортиқ ҳужумчи дрон учирилди. Ҳафтанинг бошидан бери эса бу сон 375 тага етди, уларнинг 190 дан ортиғи — Шаҳед туридаги дронлар”, — деди Зеленский.
У, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни Россияга нисбатан кучлироқ иқтисодий босим қўллашга чақирди. “Босим оддий сўз ёки дипломатик ишонтириш эмас, балки Россияни ўт очишни тўхтатишга мажбур қиладиган реал восита бўлиши керак”, — дея таъкидлади Украина президенти.
30 апрелга ўтар кечаси Россия Днипропетровск ва Харков вилоятларига дронлар орқали ҳужум уюштирди. Харковда камида 45 киши жароҳат олган, Днипро шаҳрида эса бир фуқаро ҳалок бўлган.







