Дубайда Доналд Трамп бренди остида осмонўпар бино қурилади
Бу Tramp Organization'нинг Яқин Шарқдаги биринчи гигант лойиҳаси ҳисобланади.

Маълум қилинишича DarGlobal компанияси ва АҚШ президенти Доналд Трампга тегишли Tramp Organization Дубайда янги улкан лойиҳа — осмонўпар бино қурилишини бошлаганини эълон қилди.
Ушбу иншоот Tramp International Hotel & Tower бренди остида барпо этилади ва Яқин Шарқда Трамп номи билан қурилаётган биринчи турар-жой ва меҳмонхона мажмуаси бўлади. Лойиҳа минтақанинг узоқ муддатли иқтисодий ўсишига ишонч рамзи сифатида тақдим этилмоқда.
Бино Дубайнинг марказий — Шайх Заед шоссеси бўйида жойлашади. Баландлиги 350 метр бўлган иншоот дунёдаги энг баланд очиқ сузиш ҳавзасига эга бўлиши билан ҳам эътиборни тортмоқда.
Маълумот учун, DarGlobal бундан аввал ҳам Tramp Organization билан ҳамкорликда Саудия Арабистони, Уммон ва Қатарда қатор ҳашаматли лойиҳаларни амалга оширган.
Якуний қурилиш ишлари 2031 йил декабрь ойида тугатилиши режалаштирилган.







