АҚШ армиясининг 250 йиллиги муносабати билан парад бўлиб ўтади
Парад 14 июнда ўтказилиши режалаштирилган.

2025 йил 14 июнь куни АҚШ армиясининг 250 йиллиги муносабати билан Вашингтонда йирик ҳарбий парад ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Ҳезер Ҳейган маълум қилди.
Парадда 150 дона ҳарбий техника, 50 та самолёт ва 6600 нафар ҳарбий хизматчи иштирок этади. Тадбир якунида улкан мушакбозлик намойиши ҳам бўлиб ўтади.
Маълум қилинишича, шу куни Вашингтонда бир кунлик фестиваль ҳам ташкил қилинади. Унда ҳарбий техника кўргазмалари, жонли мусиқа чиқишлари ва спорт мусобақалари ўтказилади.
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет бу параддни “мамлакат тарихидаги энг йирик ва энг чиройли ҳарбий парад” деб атади.
АҚШда ҳарбий парадлар тез-тез ўтказилмайди. Сўнгги марта бундай йирик тадбир 1991 йил июнь ойида бўлиб ўтган.
Аввалроқ Доналд Трамп президентлик даврида Францияда 14 июль Бостилия куни муносабати билан ўтказилган ҳарбий параддан илҳомланиб, АҚШда ҳам шунга ўхшаш тадбир ташкил қилишни таклиф қилган эди. Аммо бу ғоя бюджет ва инфратузилма сабаблари туфайли амалга ошмай қолган.
Вашингтон шаҳри маъмурияти эса оғир техниканинг йўлларга зарар етказиши мумкинлигидан хавотирда. Шу сабабли танкларга фақат шаҳардаги белгиланган йўлларда ҳаракатланишга рухсат берилади, кўприклар орқали юриш эса тақиқланади.







