Трамп НАТО давлатларига ультиматум берди
АҚШ Европа иттифоқчиларидан ҳарбий харажатларни кескин оширишни талаб қилмоқда.

Германия оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп, агар Европадаги иттифоқчи давлатлар мудофаа харажатларини кескин оширишга розилик бермаса, НАТЎнинг Гагада ўтадиган саммитида иштирок этмаслиги билан таҳдид қилди.
Манбага кўра, АҚШнинг НАТЎдаги доимий вакили Метю Уитакер деярли ҳар бир учрашувда Европа давлатларидан ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача бўлган миқдорда мудофаа харажатлари ажратишни сўрамоқда. Бу эса альянс ичида кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Аввалроқ хабар қилинганидек, НАТО бош котиби Марк Рютте Гагада бўладиган саммитда АҚШ томонига икки босқичли режа таклиф этмоқчи: унга кўра, ҳозирги 2 фоизлик мудофаа харажатлари босқичма-босқич 5 фоизгача оширилиши керак бўлади. Агар АҚШ бу таклифни қўллаб-қувватласа, июнь ойи охирида режа расман тасдиқланиши мумкин.
Бу таҳдид Трампнинг НАТОга бўлган анъанавий танқидий муносабатининг давоми сифатида баҳоланмоқда. АҚШнинг етакчилик ролини сақлаб қолиши Европа давлатларининг ҳарбий юки бўйича кўпроқ масъулият олишига боғланаётгани, альянс ичидаги кучлар мувозанатини ўзгартириши мумкин.







