Ғазода 290 минг бола ўлим ёқасида
Очлик сабаб 70 мингга яқин бола касалхоналарга ётқизилган.

Исроилнинг икки ойдан ортиқ давом этаётган қамали сабабли Ғазода 290 мингга яқин бола ўлим ёқасида, 3500 дан ортиқ беш ёшгача бўлган бола эса очликдан вафот этиш хавфи остида. Ал Жазеэра Ғазо ҳукумати маълумотларига таяниб хабар беришича, очлик сабаб 70 мингга яқин бола касалхоналарга ётқизилган.
Ғазо ҳукумати халқаро ҳамжамиятни сукут сақлаётганликда айблаб, Исроил очликни қурол сифатида ишлатаётганини таъкидлади. Расмий маълумотларга кўра, блокада даврида камида 57 нафар фаластинлик очликдан ҳалок бўлган, 2,3 миллион аҳолининг 80 фоизи халқаро ёрдамга муҳтож бўлиб қолган.
Исроил эса қамални асирларни озод қилишга ёрдам беради, дея оқламоқда. Ҳозирда Ғазода қолган 59 нафар асирнинг 24 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда. Уруш бошлангандан бери 52 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 118 мингдан ортиғи яраланган.







