БМТ Ғазодаги гуманитар фалокат ҳақида огоҳлантирди
БМТ дунё етакчиларини Ғазога зудлик билан озиқ-овқат етказишга чорламоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазо секторида тобора кучайиб бораётган гуманитар инқироз шароитида тинч аҳолига озиқ-овқат етказиб беришни таъминлаш учун зудлик билан ҳаракат қилишга даъват этди. Ташкилотнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси баёнотида айтилишича, инсонпарварлик ёрдами блокадани олиб ташлаш биланоқ етказиб беришга тайёр ҳолатда кутмоқда.
"Бизда дарҳол тарқатишга тайёр бўлган катта миқдорда озиқ-овқат заҳираси мавжуд. Бу ёрдамнинг етказилиши учун дунё етакчилари ўз таъсиридан фойдаланиши керак. Ҳозир ҳаракат қилиш вақти келди", — дейилади БМТ баёнотида.
Бошқарма, шунингдек, Исроил томонидан жанговар ҳудудлар орқали тинч аҳолига озиқ-овқат етказиш режаларини асосий гуманитар тамойилларга зид деб баҳолади. Улар бундай ёндашув тинч аҳолини бевосита хавф остига қўйишини таъкидлашмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, сўнгги тўққиз ҳафта давомида Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етиб бормаган. Бунга сабаб сифатида Исроилнинг тўлиқ блокадаси ва ёрдам етказиш ҳақидаги мурожаатларнинг аксариятига рад жавоби берилаётгани кўрсатилган.







