Ўзбекистон Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддият юзасидан баёнот берди
Ўзбекистон можарони мулоқот орқали ҳал қилишга чақирмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистон ва Покистон ўртасида кескинлашиб бораётган вазиятдан чуқур хавотирда эканини билдирди. Баёнотда томонлар вазминликка, минтақавий барқарорлик ва тинчлик манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳаракат қилишга чақирилди.
"Биз икки давлатни вазиятни янада кескинлаштирмасдан, дипломатик мулоқот орқали муаммоларга ечим излашга чақирамиз. Тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида барча дипломатик имкониятлардан фойдаланиш муҳим", — дейилади баёнотда.
Шунингдек, Ўзбекистон бу борада халқаро ва минтақавий даражадаги ҳар қандай тинчликка қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.







