Олимлар глобал исишнинг асосий айбдорларини аниқлади
Ер юзидаги бойлар глобал исишда 66 фоиз жавобгар.

Тадқиқотларга кўра, ер юзидаги энг бой 10% аҳолиси 1990 йилдан буён глобал исишнинг 66% учун жавобгар. Бу қатламнинг яшаш тарзи ва инвестициялари ўта хавфли жазирама ва қургоқчиликларни кучайтириб юборган.
Айниқса, энг бой 1% инсонлар алоҳида ажралиб туради. Уларнинг фаолияти экстремал иссиқлик тўлқинларига ўртача кўрсаткичдан 26 баравар, Амазондаги қургоқчиликларга эса 17 баравар кўп ҳисса қўшган. Агар барча одамлар энг камбағал 50% аҳоли каби кам чиқинди чиқарадиган бўлса, глобал исиш деярли сезилмас эди, дейди олимлар.
Тадқиқотчилар бой қатламга йўналтирилган прогрессив иқлим солиғи ва жавобгарлик механизмларини жорий этишни тавсия қилмоқда. Чунки нафақат дабдабали ҳаёт, балки ҳавонинг ифлосланиши юқори бўлган соҳаларга йўналтирилган инвестициялар ҳам иқлим ўзгаришига катта зарар етказмоқда.







