Олтита Европа давлати Исроилга қарши чиқди
Улар Ғазодаги ҳудудий ўзгаришларга қарши.

Исландия, Ирландия, Люксембург, Норвегия, Словения ва Испания ташқи ишлар вазирлари биргаликда баёнот эълон қилиб, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий операцияларини кенгайтириш режаларидан чуқур хавотир билдирди. Улар бу ҳаракатлар янги эскалацияни бошлаши ва ҳар қандай тинчлик ечимига таҳдид солишини айтиб ўтди.
Вазирлар Ғазода аҳолини мажбурий кўчириш ёки ҳудудий ўзгаришлар киритиш ҳаракатларига қатъий қарши эканини таъкидлади. Улар бундай ишлар халқаро ҳуқуқ бузилиши ҳисобланишини ва инсонпарварлик ёрдами эркин етиб бориши зарурлигини билдиришди.
Баёнотда, шунингдек, Исроил икки ойдан бери Ғазога озиқ-овқат, дори-дармон ва ёрдам юкларини тўсиб қўяётгани кескин танқид қилинди ва блокадани дарҳол олиб ташлашга чақирилди. Вазирлар томонларни сулҳ ва икки давлат ечимига қайтишга чақирди.







