Трамп Форс кўрфазини “Араб кўрфази” деб аташни таклиф қилмоқчи
У олдин Мексика кўрфазининг номини “Америка кўрфази” деб ўзгартирган эди.

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг яқинлашиб келаётган Яқин Шарқ сафари чоғида Форс кўрфазининг номини “Араб кўрфази” деб ўзгартириш таклифини илгари сурмоқчи. Ассосиатед Пресс хабарига кўра, бу масала Трампнинг Саудия Арабистонига ташрифи чоғида расмий тарзда кўтарилиши кутилмоқда.
Бу Трамп томонидан геосиёсий мотивацияга эга бўлган илк ташаббус эмас. 2025 йил бошида у Мексика кўрфазининг номини “Америка кўрфази” деб ўзгартириш ҳақида фармон чиқарган эди. Бироқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу борада изоҳ бериб, халқаро миқёсдаги геономик номлар фақат глобал институтлар ва кўп томонлама келишувлар асосида белгиланади, деб таъкидлаган эди.
Аналитиклар Трампнинг бу таклифи ортида Саудия Арабистони ва бошқа араб давлатларига нисбатан сиёсий яқинликни мустаҳкамлаш ҳамда Эронни билвосита сиқувга олиш мақсади ётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Форс кўрфази номи Эрон томонидан тарихий ва маданий жиҳатдан муҳим деб ҳисобланади, ва бу таклиф Теҳрон томонидан кескин норозилик билан кутиб олиниши мумкин.
Оқ Уй аввалроқ Трамп 13–16 май кунлари Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюришини эълон қилган эди. Учрашувлар давомида минтақавий хавфсизлик, савдо ва энергетика масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.








