Хитой билан музокара арафасида Трамп кескин чоралар таклиф қилмоқда
Трамп 80 фоиз божни ўринли деб атади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Швейтсарияда бўлиб ўтадиган музокаралар олдидан Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга 80 фоиз миқдорида бож жорий этишни таклиф қилди.
"Хитой ўз бозорини АҚШга очиши керак — бу улар учун жуда яхши бўларди! Ёпиқ бозорлар энди ишламайди!" — деб ёзган Трамп ўз постида. У қўшимча қилиб: “Хитойга нисбатан 80 фоиз тариф тўғри кўринади. Бу Скотт B.ga боғлиқ”, — дея АҚШ молия вазири Скотт Бессентни назарда тутди.
Жума куни Скотт Бессент савдо бўйича бош музокарачи Жамисон Греэр билан бирга Женевада Хитой бош иқтисодчиси Хе Лифен билан учрашади. Бу учрашув АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо кескинликларини юмшатишга қаратилган илк жиддий мулоқот сифатида баҳоланмоқда.
Маълумот учун, Трамп 2025 йил январида иккинчи президентлик муддатини бошлагандан бери Хитой импортига қўйилган божларни 145 фоизга оширди. Жавобан, Хитой нодир металлар экспортини чеклади ҳамда АҚШдан олиб кириладиган маҳсулотларга, жумладан соя ва суюлтирилган газга, 125 фоиз бож жорий этган эди.







