Курдистон ишчилар партияси ўзини тарқатиб юборди
У 1978 йилда ташкил этилган эди.

Курдларга алоқадор Rudaw телеканалининг хабарига кўра, Курдистон Ишчилар Партияси (КИП) ўзининг 5–7 май кунлари ўтган 12-қурултойида ташкилот фаолиятини тугатиш, қуролли курашни тўхтатиш ва аввалги ном остида ишлашни якунлаш қарорини қабул қилди.
Баёнотда айтилишича, КИП курашлари “курд халқига қарши қаратилган йўқ қилиш сиёсатини тўхтатди” ҳамда курд масаласини демократик йўл билан ҳал этиш босқичига олиб келди. Шу тариқа ташкилот ўзининг тарихий миссиясини бажариб бўлганини билдирган.
Маълумот учун, КИП 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган қуролли ҳаракатлар орқали Туркияда мустақил курд давлати тузишни мақсад қилган эди. Ташкилот ҳозиргача Туркия, АҚШ, Буюк Британия ва айрим Европа давлатлари томонидан “террористик гуруҳ” деб тан олинган.







