Хитой ва АҚШ тарифларни кескин пасайтирди
АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо зиддиятлари юмшамоқда.

АҚШ ва Хитой бож тўловларини вақтинча пасайтиришга келишиб олди. Женевада ўтказилган музокаралар якунига кўра, 90 кунлик муддат давомида Хитой АҚШ маҳсулотларига божларни 24 фоизга камайтиради. Шу билан бирга, АҚШ ҳам Хитойдан келтириладиган товарларга жорий этилган тарифларни 145 фоиздан 30 фоизга туширади. Хитой эса ўз навбатида, 125 фоизлик бож ставкасини атиги 10 фоизгача камайтиришга рози бўлди.
Бу қарор АҚШ молия вазири Скотт Бессент томонидан эълон қилинди. Унга кўра, ушбу келишув вақтинчалик бўлсада, икки томонлама савдони барқарорлаштириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Аввалроқ Швейтсарияда ўтказилган музокараларда томонлар янги савдо-иқтисодий маслаҳатлашув механизмини яратишга келишиб олган эди. Бу механизм келажакдаги савдо зиддиятларини юмшатиш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.







