Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтирмоқда
Россия активларидан Украина армиясига 900 миллион евролик ҳарбий ёрдам ажратилади.

Европа Иттифоқи 2025 йил охиригача Украина қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 900 миллион евро ажратади. Ушбу маблағ Россиянинг музлатилган активларидан олинадиган даромадлар ҳисобидан шакллантирилади.
Бу ҳақда Европа комиссиясининг мудофаа бўйича вакили Андрюс Кубилус "Европа Иттифоқи – Украина ҳарбий ҳамкорлиги" конференциясида маълум қилди. Унга кўра, маблағлар Киев учун қурол-яроғ ва снарядлар харид қилишга йўналтирилади.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича янги раҳбари Кая Каллас ҳам Украина ҳарбий саноатини ривожлантириш учун 1 миллиард евро сармоя киритилишини билдирган. Ушбу маблағ дронлар ва илғор ҳарбий технологияларни ишлаб чиқаришга сарфланиши режалаштирилмоқда.
Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлаш йўлидаги стратегик ҳаракатларини изчил давом эттирмоқда, бу эса ҳарбий ёрдамдан ташқари, иқтисодий ва технологик кўмакни ҳам қамраб олади.








