Евроиттифоқ Россияга қарши янги санкциялар эълон қилиши мумкин
Санкциялар 14 майда тасдиқланиши кутилмоқда.

Европа Иттифоқи Россияга нисбатан навбатдаги, 17-санкциялар пакетини тасдиқлаш арафасида турибди. Хабарларга кўра, ушбу санкциялар лойиҳаси бўйича дипломатик музокаралар нисбатан тез кечган ва аъзо давлатлар делегациялари ўртасида жиддий қарама-қаршиликларга сабаб бўлмаган.
Шунга қарамай, баъзи делегациялар Еврокомиссия томонидан яқинда киритилган ўзгартиришларни чуқурроқ ўрганиш учун қўшимча вақт сўрашган. Навбатдаги муҳокама 14 май куни бўлиб ўтиши режалаштирилган, ва айнан шу куни санкциялар пакети маъқулланиши эҳтимолдан холи эмас. Агар шундай бўлса, у расман 20 май куни Евроиттифоқ ташқи ишлар кенгаши йиғилишида қабул қилинади.
Евроиттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кажа Каллас ҳам бу эҳтимолни тасдиқлаган. У 8 май куни берган баёнотида 17-санкциялар пакетининг яқин кунларда тасдиқланишига умид қилаётганини билдирган эди.
"Биз уни 20 май куни ўтадиган Ташқи ишлар кенгашида қабул қилишни режалаштиряпмиз. Пакетда кўплаб муҳим элементлар бор, бироқ ҳали тўлиқ келишувга эришилмаган. Россия тинчлик исташи учун унга босим кучайтирилиши лозим, санкциялар эса бу босим воситаларидан биридир", — деди Каллас.
Янги санкциялар пакетининг энг муҳим жиҳатларидан бири сифатида Россиянинг “соя флотига” тегишли бўлган 200 тагача кемани санкциялар рўйхатига киритиш режалаштирилган. Шунингдек, санкцияларга тортиладиган жисмоний ва юридик шахслар рўйхати ҳам кенгайтирилади.







