Исроил Ғазодаги шифохонага ҳаво ҳужуми уюштирди
Ҳужум натижасида камида 28 киши ҳалок бўлган.

Хабарларга кўра, Исроил ҳарбий авиацияси томонидан Ғазо секторидаги Хон-Юнис шаҳрида жойлашган Европа шифохонасига уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар тан жароҳати олди.
Маҳаллий манбаларнинг билдиришича, шифохонага жами олти бомба ташланган бўлиб, зарбалар асосан ички ҳовли ва унга туташ ҳудудларга йўналтирилган.
Исроил мудофаа армияси (ТсАХАЛ) ҳужум “Ҳамас” ҳаракатининг қўмондонлик марказига қарши аниқлик билан амалга оширилганини билдирди. Уларнинг даъвосига кўра, бу марказ айнан шифохона остида жойлашган бўлган.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳужумнинг асосий нишони “Ҳамас” раҳбарларидан бири — Муҳаммад Синвар бўлган. Аммо ТсАХАЛ бу маълумотга изоҳ бермаган. Муҳаммад Синварнинг тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
Муҳаммад Синвар — 2024 йил октябрь ойида ўлдирилган, “Ҳамас”нинг собиқ сиёсий раҳбари Яҳё Синварнинг укаси саналади. Яҳё Синвар вафотидан сўнг, Ғазодаги ҳаракатга унинг укаси Муҳаммад раҳбарликни қўлга олган ва гуруҳни қайта тиклаш устида иш бошлаган эди.







